Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси 2-стипендия танлови номзодлари учун
АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

Танловда иштирок этиш учун ариза беришдан аввал қуйидаги асосий талабларга эътибор беришингиз талаб этилади.

1. Танлов иштирокчилари барча маълумотларни фақат “Эл-юрт умиди” жамғармаси Танлов комиссияси томонидан оммавий ахборот воситалари орқали расман чоп этилган, Жамғарма томонидан вазирлик ёки идораларга расман хат билан етказилган ва/ёки www.eyuf.uz орқали эълон қилинган манбалардан олишлари лозим.

2. Эсда тутинг, Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ, республикамизнинг барча ҳудудлардаги номзодлар учун бир хил ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, стипендия танловига номзодлардан ҳужжатлар жамғарманинг www.eyuf.uz интернет манзили орқали on-line тарзда электрон шаклда қабул қилинади.

3. Ҳужжатлар қабул қилиш жорий йил 20 февралдан 20 мартга қадар амалга оширилади. Тақдим этиладиган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига номзоднинг ўзи шахсан жавобгардир. Аксарият тез-тез сўраладиган саволларга Жамғарма сайтида жавоблар мунтазам жойлаштириб борилади.

4. Эсда тутинг, мазкур танлов фақат Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ташкилотлари ва Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтларида ишлаётган мутахассис-кадрлар бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун эълон қилинган. Бошқа тизимлар ходимлари мазкур танловда иштирок этмайдилар.

5. “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz расмий сайти баннерида Васийлик кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги 5-сон баёни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармасининг таълим дастурлари орқали хорижда кадрларни ўқитишга доир вазирлик, идора ва ташкилотлар эҳтиёжларига мувофиқ 2019 йилга мўлжалланган Мақсадли кўрсаткичлари эълон қилинган.
Ҳар бир номзод:
- Танлов ўтказиш йўналишини (4 та йўналишдан фақат биттасини),
- Танлов ўтказилаётган соҳани (йўналишлар учун алоҳида ажратилган),
- Танловда иштирок этадиган мутахассислик номини,
- Танловда иштирок этадиган вазирлик, идора ва ташкилотлар номини аниқ кўрсатиши керак, акс ҳолда танлов жараёнида ноаниқликлар келиб чиқиши ва, натижада, номзод бўйича нотўғри қарор қабул қилиниши мумкин.

6. Танлов қуйидаги 4 та йўналишда ўтказилади: “Фан ва илмий-тадқиқотлар”, “Соғлиқни сақлаш”, “Давлат бошқаруви” ва “Иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари”. Ҳар бир номзод мазкур йўналишларнинг фақат биттаси бўйича танловда иштирок этади. 2 ёки ундан ортиқ йўналиш бўйича ариза топшириш номзоднинг аризасини умуман қабул қилинмаслигига олиб келади.

7. Қуйидаги талабларга эътибор беринг: сиз танлаган мутахассислик бўйича меҳнат стажингиз 24 ойдан кам бўлмаслиги лозим; танланган хорижий тил таълим олиш учун бориш мўлжалланган давлатга мос бўлиши шарт; сизга тавсиянома ва кафолат хатини фақат вазирлик ёки идоранинг раҳбари расмий бланкда тасдиқлаб бериши лозим. Бу камчиликлар борлиги аниқланган тақдирда, қайси босқичда бўлишингиздан қатъий назар танловдан чиқарилишингиз мумкин.

8. “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендия танловлари тартиби, қоидалари ва саралаш танлови ўтказиш жараёнлари тўғрисида маълумотлар мунтазам равишда жамғарманинг www.eyuf.uz сайти орқали бериб борилади. Стипендия номзодлари мазкур сайтга мунтазам кириб туришлари сўралади.

9. Мазкур материалга “Эл-юрт умиди” жамғармасининг Васийлик кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги 5-сон баёни билан тасдиқланган асосий ҳужжатлар илова қилинади. Улар билан тўлиқ танишиб чиқинг.

10. Саралаш танлови жараёнида Жамғарма ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган тест синовлари, ёзма ишлар ва суҳбатларни ўтказишга бўлган талаблар ва услубий кўрсатмалар бериб борилади. Улар билан танишиб боринг.

11. Эътибор беринг, тест синовлари, суҳбат жараёни ёки ёзма ишларда белгиланган вақтда иштирок этмаганлар учун қўшимча шундай тадбирлар қайта ташкил этилмайди! Барча танлов жараёнларига фақат паспорт орқали киритилади.

12. Барча муҳим саволлар бўйича жавобларни расман жамғарма электрон почтасидан олинг, ахборот тарзида жамғарма Танлов комиссияси 71 230 00 43 ёки 71 230 00 48 телефонларидан маълумот олиб туришингиз мумкин.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ва жадал ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар учун замонавий ва юқори малакали мутахассис-кадрларни илғор давлатларнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари, компания ва ташкилотларида тайёрлаш учун давлатимиз томонидан яратилаётган мазкур беқиёс имкониятлардан барчангизни унумли фойдаланишга чақирамиз ва омад тилаймиз!

“Эл-юрт умиди” жамғармаси Танлов комиссияси